EMBASSY OF UZBEKISTAN TO THE UNITED STATES
PRESIDENTIAL ELECTIONS 2016
2016
2015
2014

 
PRESIDENTIAL ELECTIONS 2016
December 21, 2014
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломовнинг халқаро ва хорижлик кузатувчилар, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказиладиган брифингдаги маърузаси
2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот маркази соат: 13.00,2014 йил 21 декабрь.

Ҳурматли брифинг қатнашчилари!

Хонимлар ва жаноблар!

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 38-моддасига биноан, бугун соат 6.00 да Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатларини сайлаш бўйича барча 135 та сайлов округидаги 9 минг 35 та сайлов участкаси, шу жумладан, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида тузилган 44 та сайлов участкаси очилди. Айни пайтда барча сайлов округлари ва участкалари билан доимий алоқа ўрнатилган. Биринчи бўлиб овоз бериш Ўзбекистон Республикасининг Япония, Корея Республикаси, Малайзия, Сингапур, Хитой, Индонезия, Таиланд ва Ҳиндистондаги ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида бошланди.

Бугун, шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, Қонунчилик палатасининг 15 та депутатлик ўринларига Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан номзодлар кўрсатиш ва уларни сайлаш бўйича мазкур ҳаракатнинг Конференцияси ўтказилмоқда ва унда мамлакатнинг барча ҳудудларидан делегатлар иштирок этмоқда.

Конференцияда Марказий сайлов комиссияси аъзолари, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар кузатувчилари, мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам қатнашмоқда. Марказий сайлов комиссиясига овоз бериш жараёнининг бориши тўғрисидаги маълумотлар он-лайн режимида келиб тушмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайловда юксак сиёсий фаолликни намоён этмоқда. Буни қуйидаги маълумотлар ҳам тасдиқлайди. Ҳали cоат ўн бўлмасдан сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллион 789 минг 572 нафар сайловчининг 34 фоизидан ортиғи овоз бериб бўлди.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 44-моддасига биноан, агар сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг ўттиз уч фоизи овоз беришда иштирок этган бўлса, сайлов ўтган ҳисобланади.

Ҳозирги дақиқага қадар, сайловчилар умумий сонининг 56 фоиздан ортиғи овоз беришда қатнашганлигини мана бу мониторда кўришингиз мумкин.

Сайловлар халқаро меъёрлар ва стандартларга мос бўлган миллий сайлов қонунчилигимизга, унда белгиланган очиқлик, ошкоралик ва адолатлилик каби демократик принципларга тўла мувофиқ ҳолда ўтказилмоқда.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси – сайловчи тенг сайлов ҳуқуқига эга. Ушбу қонуннинг 5-моддасига кўра, сайловда эркин ва яширин овоз берилади. Овоз берувчиларнинг хоҳиш-иродаси назорат қилинишга йўл қўйилмайди.

Сайлов қонунчилиги нормаларига мувофиқ, саломатлиги яхши эмаслиги ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган сайловчилар учун участка сайлов комиссиялари овоз беришни ана шу сайловчилар турган жойда ташкил этмоқда.

Сайловда Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган 5 та халқаро ташкилот – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотидан ҳамда 50 дан ортиқ давлатдан 300 дан зиёд кузатувчилар иштирок этмоқда.

Бундан ташқари, сайловда юқорида қайд этилган қонуннинг 6-моддасига кўра, депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан кузатувчилар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашмоқда. Хусусан, сиёсий партияларнинг 35 мингдан зиёд кузатувчилари овоз бериш жараёнини кузатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 340 нафардан ортиқ вакиллари аккредитациядан ўтказилган бўлиб, улар сайлов жараёнини кенг ёритиб бормоқда.

Ҳозирга қадар жойлардан сайлов жараёни давомида сайлов қонунчилиги бузилиши ҳақида маълумотлар келиб тушмади. Кенг жамоатчиликни овоз беришнинг бориши тўғрисида хабардор қилиш бўйича навбатдаги брифинг соат 17.00 да ўтказилади.

Эътиборингиз учун раҳмат.


Back

   Back to the top    Print version   
© 2004, Embassy of Uzbekistan to the United States.
All Rights Reserved.
 Design.uz Studio
Design.uz Studio
Site Development