EMBASSY OF UZBEKISTAN TO THE UNITED STATES
PRESIDENTIAL ELECTIONS 2016
2016
2015
2014

 
PRESIDENTIAL ELECTIONS 2016
December 17, 2014
Сайловга тайёргарлик боришига бағишланган брифинг
17 декабрь куни 2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот марказида Ўзбекистонда аккредитация қилинган дипломатик миссиялар, халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари, хорижий кузатувчилар, мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўришнинг боришига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда МДҲ ва ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайловларни кузатиш бўйича миссияларининг вакиллари, хорижий кузатувчилар, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик миссиялар ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари, чет эл ва мамлакатимиз журналистлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов брифинг иштирокчиларини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича қилинган ишлар тўғрисида ахборот берди.

Таъкидланганидек, сайловлар – бу кучли фуқаролик жамияти бўлган демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси, халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришининг асосий шаклидир. Фуқаролар ўзларининг сайлаш ва сайланиш конституциявий ҳуқуқини амалга ошириб, жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этади.

Парламент ва жойлардаги давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов сифат жиҳатидан янги ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий шароитларда ўтаётганлиги таъкидлаб ўтилди. Олий Мажлис томонидан 2010 йил ноябрида қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясидан келиб чиққан, шунингдек 2009 йилги парламент сайловини ўтказиш амалиётини ҳисобга олган ҳолда мамлакатимизнинг Конституциясига ва сайлов қонунчилигига сайлов жараёнини янада демократлаштириш ва либераллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган тузатишларга мувофиқ дунё амалиётида биринчи маротаба Марказий сайлов комиссиясига конституциявий орган мақоми берилди. У сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишни ҳокимият бошқа органларининг ҳеч қандай аралашувисиз таъминлайди. Бу сайлов жараёнларининг мустақиллигининг ҳамда ҳаққоний демократик ва ҳалол сайловнинг очиқ ва ошкора ўтказилишининг ҳар томонлама таъминлашнинг яна бир муҳим кафолати бўлди.

Сайловларни юксак демократик даражада ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси давлат ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда миқёсига кўра катта тайёргарлик ишларини амалга оширди.

Жорий йилнинг 12 майида Марказий сайлов комиссияси томонидани 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастури тасдиқланди. Мазкур ҳужжатда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича муҳим талаблар ва мақсадли вазифалар, аниқ вақт кўрсатилган жадвал асосида ўтказиладиган барча тадбирлар аниқлаб олинди. Бу сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни юксак демократик даражада ташкил этиш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўлиқ амалга ошириш, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда сиёсий партияларнинг фаол иштирок этишини таъминлаш учун шароитлар яратиш имконини берди. Сайлов қонунчилигини сайловчиларга кенг тушунтириш бўйича самарали ишлар ташкил этиш, фуқароларни депутатликка номзодларнинг сайловолди дастурлари, уларнинг ишчанлик ва маънавий фазилатлари билан таништириш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа сифатида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёни ҳақида сайловчиларнинг хабардорлиги даражасини оширишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди.

Жорий йилнинг 15 сентябрь куни парламент қуйи палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайлов кампанияси бошланди. Брифинг иштирокчилари 2014 йил парламент сайловида Ўзбекистоннинг барча тўртта сиёсий партиялари иштирок этаётганлиги ҳақида хабардор қилинди. Белгиланган муддатларда партияларнинг съезд ва қурултойлари ўтказилиб, уларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатилди. Рўйхатга олинган номзодларнинг умумий сони 535 кишини ташкил этди, шу жумладан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан – 132 нафар, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан – 135 нафар, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан – 134 нафар ва Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан – 134 нафар.

Бўлажак сайловларда иккинчи маротаба Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари иштирок этмоқда. Уларга миллий парламент қуйи палатасидаги 150 та ўриндан 15 таси ажратилган. 21 декабрь куни Тошкент шаҳридаги Халқаро бизнес марказида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов бўйича Ўзбекистон экологик ҳаракатининг конференцияси ўтказилади.

Брифингда таъкидланганидек, сайлов кампанияси доирасидаги барча тадбирлар очиқ ва ошкора ҳамда қонунчиликка қатъий риоя қилинган ҳолда ўтказилмоқда. Қонунчилик палатасига сайлов бўйича ўртача 154 минг сайловчини ҳисобга олган ҳолда 135 та сайлов округи тузилди. 9035 та, шу жумладан Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида 44 та сайлов участкаси ташкил этилди. Округ ва участка сайлов комиссиялари обрўли, ҳурматга сазовор, аввалги йилларда сайлов кампаниясини ўтказишда тажрибага эга бўлган фуқаролардан ташкил топди.

Округлар ва участкалар рўйхати сайловчиларнинг сони ҳамда округ ва участка сайлов комиссиялари шахсий таркиби тўғрисидаги барча маълумотлар кўрсатилган ҳолда матбуотда эълон қилинди.

Сайлов комиссиялари аъзолари учун уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, сайлов қонунчилигидаги янги нормалар билан таништириш мақсадида мамлакатнинг барча минтақаларида туркум семинарлар ўтказилди. Бугунги кунда барча сайлов участкалари овоз беришни юқори ташкилий даражада ўтказиш учун тўлиқ тайёр ҳолга келтирилди. Сайлов участкалари барча зарур нарсалар – алоқа воситалари, компьютер ва ташкилий техника, ҳуқуқий адабиётлар билан таъминланган. Махсус ажратилган жойларда яширин овоз бериш учун кабиналар жиҳозланган, сайлов қутилари ўрнатилган.

Участка сайлов комиссиялари томонидан сайловчиларнинг тўлиқ рўйхатлари тузилиб, уларга 20 миллион 895 минг 572 фуқароларнинг фамилиялари киритилди. Барча сайловчилар овоз бериш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинди.

Қонунчиликка мувофиқ сайлов куни ўз яшаш жойларида бўлиш имконига эга бўлмаган сайловчиларга муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқи берилган. Айрим сайловчилар саломатлигига кўра ёки бошқа сабаблар бўйича овоз бериш биносига кела олмаган ҳолларда, уларнинг илтимосига мувофиқ участка сайлов комиссиялари овоз беришни улар турган жойда ташкил этади. Муддатидан олдин овоз бериш жорий йилнинг 11 декабрида бошланган ва 19 декабрида тугайди.

Жорий йилнинг 15 ноябридан бошлаб сайлов кампаниясининг муҳим босқичи – сайловолди ташвиқоти давом этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партиялар, депутатликка номзодларга сайловолди дастурлари, мамлакатни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий риожлантириш бўйича долзарб масалалар юзасидан уларда баён этилган позицияларни сайловчиларга етказиш учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда кенг ва тенг имкониятлар яратилган.

Сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун текин асосда давлат теле- ва радиоканалларида тенг эфир вақти ва республика ва маҳаллий босма ОАВ тенг босма майдони ажратилди. Сиёсий партиялар вакиллари, депутатликка номзодларнинг чиқишлари Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган жадвалга мувофиқ амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, сиёсий партиялар вакиллари ва депутатликка номзодларнинг дебатлари қизиқарли ва қизғин ўтмоқда. Улар ўз нуқтаи назарларини қатъий ҳимоя қилишмоқда, жонли баҳслар бўляпти. Теледебатлар ҳар ҳафта марказий ва ҳудудий телеканалларда, шунингдек, нодавлат телеканалларда ҳам ўтказилмоқда.

Интернет, хусусан, ижтимоий тармоқлар, сиёсий партиялар веб-сайтлари, шунингдек, интернет-нашрлар имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда. Бир сўз билан айтганда, сайловчиларнинг сиёсий партиялар сайловолди платформалари, депутатликка номзодларнинг келажакдаги фаолияти, энг муносибларини сайлашни таъминлаш мақсадида уларнинг шахсий фазилатлари билан танишиш учун барча шароитлар яратилган.

Сиёсий партиялар бевосита сайловчилар билан учрашувларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Сайловолди ташвиқоти бошлангандан бери улар томонидан жами 10 мингдан ортиқ бундай учрашувлар ўтказилган. Сайловолди ташвиқоти боришининг таҳлили кўрсатганидек, у фаол равишда ва сайлов қонунчилиги талабларига қатъий мувофиқ равишда амалга оширилмоқда.

Брифингда алоҳида таъкидлаб ўтилганидек, сайловларнинг очиқлиги ва ошкоралиги кузатувчилар институти орқали таъминланмоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва МДҲ кузатувчилар миссиялари ўз фаолиятини амалга оширмоқда. Яқин кунларда уларга яна учта халқаро ташкилот – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотидан кузатувчилар миссиялари келиб қўшилади. Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссияси томонидан Осиё, Европа, Африка, Америка, шунингдек МДҲнинг жами қарийб 40 та давлатидан 300 нафарга яқин кузатувчилар рўйхатга олинган. Бундан ташқари округ сайлов комиссиялари томонидан сиёсий партияларнинг 70 мингдан зиёд кузатувчиларига ва ваколатли вакилларига тегишли мандатлар берилди.

Ўзбекистонда сайлов жараёнини кенг ёритишда мамлакатимиз ва чет эл ОАВнинг 340 дан ортиқ аккредитациядан ўтган вакиллари иштирок этмоқда. Уларни барча зарур ахборот материаллари билан таъминлаш учун 2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот маркази фаолият кўрсатмоқда. Шунга ўхшаш матбуот марказлари вилоят сайлов комиссиялари ҳузурида ҳам тузилган. Бу ерда брифинглар, матбуот анжуманлари, семинарлар ўтказилмоқда.

Марказий сайлов комиссияси сайлов куни сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот марказида 21 декабрь соат 13.00, 17.00 ва 22.00 да овоз бериш жараёни ҳақида брифингларда жамоатчиликни хабардор қилиб боради, кейинги кунда эса дастлабки натижалар эълон қилинади.

2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот маркази


Back

   Back to the top    Print version   
© 2004, Embassy of Uzbekistan to the United States.
All Rights Reserved.
 Design.uz Studio
Design.uz Studio
Site Development