EMBASSY OF UZBEKISTAN TO THE UNITED STATES
PRESIDENTIAL ELECTIONS 2016
2016
2015
2014

 
PRESIDENTIAL ELECTIONS 2016
September 11, 2014
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида брифинг тўғрисида
2014 йилнинг 11 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўйича сайлов кампанияси бошланишини эълон қилиши муносабати билан чет эл ва мамлакатимиз журналистлари учун брифинг бўлиб ўтди.

Унда Марказий сайлов комиссияси аъзолари, хорижий ва миллий оммавий ахборот воситалари вакиллири иштирок этди.

Брифингда сўзга чиққан Марказий сайлов комиссияси раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов журналистларни “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўйича сайлов кампанияси бошланишини эълон қилиш тўғрисида” қабул қилинган қарор ҳақида хабардор қилди ва мазкур қарорда назарда тутилган асосий тадбирлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Тадбирлар календарь режасининг асосий босқичлари ҳам эълон қилинди.

Брифинг давомида сайлов кампанияси билан боғлиқ барча тадбирлар Марказий сайлов комиссияси ва сайлов комиссиялари томонидан сайлов қонунчилигининг асосий принциплари ва талаблари ҳамда 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, вилоят, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш Дастурига қатъий мувофиқ равишда ўтказилиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Брифинг иштирокчиларининг эътибори Марказий сайлов комиссияси сайлов кампаниясини ўтказишнинг асосий ташкилотчи ҳисобланишига қаратилди. Бирон-бир ташкилотнинг, авваламбор, марказдаги ва жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг сайлов жараёнига аралашишига ҳамда сайлов кампанияси иштирокчиларининг бирортасига бирон-бир имтиёз ва устунлик берилишига йўл қўйилмаслиги таъкидланди. Сайлов қонунчилигининг меъёрлари, талаблари ҳамма учун мажбурий ва бир хилдир.

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда сайлов кампанияси жараёнига ҳар қандай аралашиш ёки қонунчилик талабларини четлаб ўтиш, бузиш мақсадида қилинган ҳар қандай уринишларга нисбатан қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилади ва айбдорлар жазоланади.

Шунингдек, брифинг иштирокчилари сайлов қонунчилигига киритилган янги норма ва сайлов тизимини янада демократлаштиришга қаратилган сўнгги янгиликлар билан таништирилди.

Жумладан, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини татбиқ этиш доирасида 2011, 2012 ва 2014 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ва сайлов қонунчилигига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Улар сайлов жараёнини янада демократлаштириш, сайлов кампаниясини умум эътироф этилган демократик принциплар ва қонунчилик талабларига тўла мувофиқ равишда ўтказиш бўйича ҳуқуқий кафолатларни янада кучайтириш муҳим омилига айланди.

Шунингдек, сайлов қонунчилигига қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Улар сайловолди ташвиқотининг шакллари ва турларини аниқ таърифлашга, уни олиб боришда депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга тенг шарт-шароитлар таъминлаш механизмларини самарадорлигини оширишга қаратилгандир. Сайлов мобайнида шаффофликни таъминлашнинг ҳуқуқий механизмлари такомиллаштирилди.

Фаолиятининг асосий принциплари бўлган мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлиликдан иборат бўлган Марказий сайлов комиссиясининг мақоми Конституцияда мустаҳкамланиши демократик, очиқ ва ошкора ҳар томонлама сайловларни таъминланиши, уларнинг қонуний ўтказилишининг мухим кафолати ҳисобланади.

Бўлажак сайлов ўтказиш бўйича тайёргарлик даврида амалга оширилган ишлар билан брифинг иштирокчилар таништириб ўтилди. Хусусан, сайловчиларга сайлов қонунчилиги асосий қоидаларини ва уларнинг ҳуқуқий маданияти тушунтириш даражасини юксалтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Олимлар, экспертлар ва амалиёт ходимларининг ОАВда чиқишлари ташкил этилди, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида ўнлаб давра суҳбатлари ва илмий-амалий семинарлар ўтказилди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг май-сентябрь ойларида Тошкент ва Самарқандда Марказий сайлов комиссияси шафелигида ўтказилган ва демократик сайлов ўтказиш халқаро стандартларига, миллий сайлов қонунчилигини ривожлантириш ва такомиллаштиришга, сайлов кампаниясининг барча босқичларида қонунийлик принципига амал қилган ҳолда сайлов жараёнининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга бағишланган халқаро тадбирлар ҳақида журналистлар хабардор қилинди.

Ушбу тадбирларда Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси (БСОА), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Бюроси (ЕХҲТ/ДИИҲБ), Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси, Америка Қўшма Штатлари Миллий демократик институти, АҚШ, Франция, Испания, Италия, Россия, Хитой, Жанубий Корея, Туркия ва бошқа давлатларнинг олим ва мутахассислари иштирок этди. Мазкур конференцияларнинг иштирокчилари – хорижий экспертлар таъкидлаганидек, Ўзбекистон сайлов қонунчилиги умум-эътироф этилган халқаро ҳуқуқий нормалар ва демократик стандартларга тўла мувофиқдир.

Брифинг якунида таъкидлаб ўтилганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда очиқ, ошкора ва транспарент, эркин, адолатли ва демократик сайловларни ўтказилиши учун барча зарур ҳуқуқий асослар яратилган.

Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизмати


Back

   Back to the top    Print version   
© 2004, Embassy of Uzbekistan to the United States.
All Rights Reserved.
 Design.uz Studio
Design.uz Studio
Site Development