EMBASSY OF UZBEKISTAN TO THE UNITED STATES
PRESIDENTIAL ELECTIONS 2016
2016
2015
2014

 
PRESIDENTIAL ELECTIONS 2016
September 11, 2014
Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Б А Ё Н О Т И
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўйича сайлов кампанияси бошланиши эълон қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Б А Ё Н О Т И

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддаси иккинчи қисми ва Ўзбекистон Республикаси “Давлат ҳокимияти вакиллик органларига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг навбатдаги сайлови тўғрисида”ги Конституциявий қонуни 1-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловлар 2014 йил 21 декабрда ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловни сайлов қонунчилигига, умумэътироф этилган халқаро нормалар ва стандартларга тўлиқ мувофиқ ҳолда ўтказилишини таъминлаш, шунингдек, сиёсий партиялар, фуқароларга давлат ҳокимияти вакиллик органларини шакллантиришда иштирок этиш конституциявий ҳуқуқини амалга оширишда зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўйича сайлов кампанияси 2014 йил 15 сентябрдан бошланишини эълон қилди.

Марказий сайлов комиссияси мажлисида тегишли қарор қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи ҳар бир сайлов округига тўғри келадиган сайловчилар нормаси ўртача 154 минг сайловчи ҳисобидан белгиланди.

Шундан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2014 йил 27 сентябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи сайлов округларини тузиш бўйича Марказий сайлов комиссиясига тақдимномалар киритиши лозим.

Сайлов қонунчилиги талабларига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи 135 та сайлов округлари, уларнинг чегаралари ҳамда сайловчилар сони кўрсатилган рўйхати 2014 йил 7 октябрга қадар матбуотда эълон қилинади.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари 2014 йил 2 октябрга қадар Марказий сайлов комиссиясига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларни тавсия этиши лозим.

Марказий сайлов комиссияси 2014 йил 12 октябрга қадар тақдим этилган тавсияларга биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг шахсий таркибини тасдиқлайди.

Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари 2014 йил 22 октябрга қадар сайлов участкаларини ва 2014 йил 11 ноябрга қадар участка сайлов комиссияларини тузиши белгиланди.

Туман, шаҳар ҳокимликлари, шунингдек халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи тегишли округ сайлов комиссияларига 2014 йил 12 октябрга қадар сайлов участкаларини тузиш бўйича тақдимномалар киритишлари ва 2014 йил 1 ноябрга қадар участка сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларни тавсия этишлари лозим.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги қонунда белгиланган тартиб ва муддатларда Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкаларини тузиш учун Марказий сайлов комиссиясига тақдимнома киритиши лозим.

Давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловлар бир кунда ўтказилишини инобатга олган ҳолда қонунда белгиланган тартибда тузиладиган сайлов участкалари ва участка сайлов комиссиялари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар учун ягона ҳисобланади.

Сиёсий партиялар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловда иштирок этиш учун тегишли ҳужжатларни Марказий сайлов комиссиясига 2014 йил 12 октябрга қадар тақдим этади.

Сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш 2014 йил 17 октябрида бошланади ва 2014 йил 6 ноябрда тугайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни рўйхатга олиш учун сиёсий партиялардан ҳужжатлар қабул қилиш 2014 йил 9 ноябрда тўхтатилади, номзодларни рўйхатга олиш эса 2014 йил 16 ноябрда тугайди.

Шунингдек, манфаатдор ташкилотлар ўз кузатувчилари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларига 2014 йил 6 декабрга қадар маълум қилишлари лозим.

Марказий сайлов комиссиясининг қарорига биноан участка сайлов комиссиялари:

- сайловчилар рўйхатларини ҳамма танишиб чиқиши учун 2014 йил 6 декабрга қадар, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ерларда, қамоқда сақлаш жойларида тузилган сайлов участкаларида эса 2014 йил 14 декабрга қадар тақдим қилиши;

- сайловчилар рўйхати билан танишиш жойи ҳамда вақти тўғрисида сайловчилар ўз вақтида хабардор қилинишини таъминлаши;

- 2014 йил 11 декабрга қадар сайловчиларни овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида хабардор этиши;

- 2014 йил 11 декабрдан 19 декабрга қадар муддатидан олдин овоз беришни ўтказиши маълумот учун қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ сайлов жараёни иштирокчиларининг эътибори:

- сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодлар рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланишига ва 2014 йил 19 декабрда тугашига, сайлов куни ва овоз бериш бошланишига бир кун қолганида сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмаслигига;

- овоз бериш 2014 йил 21 декабрда соат 6 дан соат 20 гача ўтказилишига қаратилиши лозим.

Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонунининг 471-моддасига мувофиқ Ўзбекистон экологик ҳаракатидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови бўйича Ўзбекистон экологик ҳаракатининг Конференцияси белгиланган тартибда 2014 йил 21 декабрда ўтказиши белгиланди.

Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан:

- участка сайлов комиссиялари 2014 йил 21 декабрда овоз бериш тугагач, овоз бериш якунларини чиқаришга киришиши, комиссия мажлисида кўриб чиқиш натижалари бўйича баённома тузиши ва уни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиясига тақдим этиши, сайлов қонунчилиги талабларига мувофиқ, баённома участка сайлов комисиясининг раиси ёки раис ўринбосари томонидан ўқиб эшиттирилади ҳамда мазкур баённоманинг кўчирма нусхаси участка сайлов комиссияси биносида ҳамма танишиб чиқиши учун 48 соатдан кам бўлмаган муддатга осиб қўйилиши;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари участка сайлов комиссиялари томонидан тақдим этилган баённомалар асосида сайлов округи бўйича сайлов натижаларини аниқлаши лозим ва Марказий сайлов комиссиясига 2014 йил 25 декабрга қадар белгиланган тартибда баённомани тақдим этиши ҳам белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ўтказилган сайлов якунлари тўғрисидаги ахборот ҳамда сайланган депутатларнинг рўйхати 2014 йилнинг 31 декабрга қадар матбуотда эълон қилинади.

Агар сайлов округи бўйича депутатликка икки нафардан ортиқ номзод қўйилган бўлса-ю, улардан биронтаси ҳам сайланмаса, 2015 йил 4 январга қадар округ сайлов комиссияси округда такрорий овоз беришни ўтказиш ҳақида қарор қабул қилади.

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирлар Марказий сайлов комиссияси, жойларда тузиладиган сайлов комиссиялари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, сайлов тўғрисидаги қонунларга, Марказий сайлов комиссиясининг 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар Дастури қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда амалга оширилади.

Сайлов кампаниясини ўтказишда Марказий сайлов комиссияси асосий ташкилотчиси ҳисобланади. Ҳеч ким, сайлов жараёнига аралашиши мумкин эмас. Авваламбор, марказдаги ва жойлардаги давлат ҳокимияти органлари сайлов кампанияси жараёнига аралашиш, қонунчилик талабларини четлаб ўтиш, бузиш мақсадида қилинган ҳар қандай уринишлар, аниқланган ҳомийлик ҳолатларига нисбатан қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилади ва айбдорлар жазоланади.

Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарори оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.


Back

   Back to the top    Print version   
© 2004, Embassy of Uzbekistan to the United States.
All Rights Reserved.
 Design.uz Studio
Design.uz Studio
Site Development