EMBASSY OF UZBEKISTAN TO THE UNITED STATES
NEWS AND EVENTS
2017
2016
2015
2014
2013
2012
2011
2010
2009
2008
2007
2006
2005
2004

 
NEWS AND EVENTS
January 26, 2016
ЎЗБЕКИСТОН БЎЙЛАБ САЙЁҲАТ ҚИЛИШ МАРОҚЛИ ВА ҚИЗИҚАРЛИДИР
Мамлакатимиз саёҳатчилар учун беҳад бой дунёга эгадир. Буюк Ипак йўлида жойлашган Ўзбекистоннинг қулай жўғрофий жойлашуви, республикамизнинг турли давр ва цивилизацияларга хос бўлган 7000 дан зиёд ёдгорликларга эга эканлиги ва уларнинг кўпчилиги ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатидан жой олгани бу соҳанинг изчил ривожланишида муҳим омил бўлмоқда.

Биргина Самарқандда – Буюк Амир Темур давлати пойтахтида бугунги кунда бутун жаҳонга машҳур бўлган кўпгина диққатга сазовор жойлар мавжуд. Ҳақли равишда Ўрта аср Шарқ меъморчилигининг энг гўзал намуналарини ўзида жо қилган Регистон меъморий ансамбли, Улуғбек расадхонаси, Биби хоним жасжиди, Амир Темур мақбараси шаҳарнинг ташриф қоғозига айланиб қолган.

Тарихий ёдгорликлари ва табаррук қадамжоларининг сони ва аҳамияти жиҳатидан Бухоро ҳам Самарқанддан қолишмайди. Маҳобатли миноралар, масжид ва мадрасалар, савдо гумбазлари ва бозорлари, ҳовузларию майдонлари Бухоронинг 2500 йиллик тарихига гувоҳдир. Бундан ташқари, Хива, Шаҳрисабз, Термиз ҳам бой ва кўп асрлик тарихи ҳамда ноёб меъморий ёдгорликлари билан аждодларни ҳайратлантиргани каби замондошларнинг қалбларида ҳам ана шундай туйғуларни жўш урдирмоқда.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг сайёҳлик соҳасидаги давлат сиёсатининг мутлақо янги тамойиллари ишлаб чиқилди. Президент Ислом Каримовнинг 1992 йил 27 июлдаги Фармонига биноан “Ўзбектуризм” Миллий компанияси ташкил қилинди. Унга давлатнинг ушбу йўналишдаги сиёсатини амалга ошириш, сайёҳликни ривожлантиришнинг миллий моделини шакллантириш вазифаси юкланди.

1999 йили “Сайёҳлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Бундан кўзланган асосий мақсад меҳмондўстлик индустриясидаги муносабатларни, шунингдек, саёҳатчиларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳамда ушбу соҳа субъектларини ҳимоя қилишни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш билан изоҳланади. Кейинги йиллар давомида ана шу ҳужжат асосида 30 дан зиёд қонуности актлари қабул қилинди.

Бундан ташқари, мамлакатда сайёҳлик тармоғини ривожлантиришнинг давлат ва ҳудудий дастурлари ҳам қабул қилинган бўлиб, улар изчиллик билан бажарилмоқда. Хусусан, 1999-2005 йиллари Ўзбекистонда сайёҳликни ривожлантириш Давлат дастури ҳаётга тадбиқ этилди. Кейинги йиллар давомида Тошкент, Қашқадарё, Хоразм ва бошқа вилоятларда дам олиш индустриясини қўллаб-қувватлаш минтақавий дастурлари муваффақият билан ҳаётга тадбиқ этилди.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон изчил ривожланаётган замонавий сайёҳлик инфратузилмасига эга бўлган давлат сифатида обрў-эътибор қозонди.

Мамлакатда барча қулайликларга эга бўлган кўпгина янги меҳмонхоналар қурилди, шу жумладан, умуммиллий ҳамда B&B мақомидаги меҳмонхоналар тармоқлари барпо этилдики, улар чет эллик меҳмонларга юқори сифатли хизмат кўрсатмоқда. Radisson, Lotte, Ramada, Wyndham сингари бутун дунёга машҳур йирик меҳмонхоналар билан бир қаторда Ўзбекистон пойтахти ва вилоятларида кичик гуруҳлар ва оилавий сайёҳлар учун мўлжалланган хусусий меҳмонхоналар тармоғи ҳам яратилди.

Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Урганч, Фарғона ва Навоийдаги аэропортлар замонавийлаштирилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда халқаро даражада хизмат кўрсатадиган 11 та ҳаво бандаргоҳи фаолият кўрсатмоқда. Миллий авиаташувчи - “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси энг замонавий Boeing ва Airbus авиалайнериларга эга бўлиб, Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Американинг 50 дан зиёд мамлакатига мунтазам ҳаво қатновларини амалга оширмоқда. Жорий йилда Миллий авиакомпаниянинг авиапарки иккита Boeing-787 Dreamliner самолётлари билан бойиши кутилмоқдаки, бу мамлакатимизда сайёҳлик хизматлари кўрсатилиши даражасини янада ошириш борасида муҳим қадам бўлади.

Сайёҳлар темир йўл транспорти воситасида ҳам диққатга сазовор масканларни бориб кўришлари мумкин.

2011 йили Тошкент ва Самарқанд ўртасида Испаниянинг PATENTES TALGO S.L. компаниясида ишлаб чиқарилган, юқори тезликда ҳаракатланадиган Afrosiyob поездининг қатнови йўлга қўйилди. 2015 йили эса Afrosiyob поезди пойтахтдан Қашқадарё вилоятининг маъмурий маркази – Қарши шаҳрига ҳам қатнай бошлади. Бу поезднинг жуда қулай ва шинамлигини маҳаллий йўловчилар ҳам, хорижлик меҳмонлар ҳам қайд этмоқдалар.

Ўзбекистонда сайёҳлик хизматлари кўрсатиш билан шуғулланадиган бизнес вакиллари учун қулай шароитлар яратилган. 2015 йил маълумотларида қайд этилишича, республикада 1279 та сайёҳлик ташкилоти, жумладан, 548 та меҳмонхона, сайёҳлик базаси ва кемпинглар, 731 та сайёҳлик компанияси фаолият кўрсатмоқда.

Сўнгги йиллар мобайнида сайёҳликнинг янги турлари, шу жумладан, экотуризм, геотуризм, экстремал, тиббий ва маданий йўналишлардаги сайёҳлик ҳамда альпинизм, рафтинг, балиқ ови йўналишлари ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Бу борада ҳар бир минтақанинг ўзига хосликлари ва имкониятлари эътиборга олинмоқда. Масалан, тарихий ёдгорликлари сони кўп бўлмаган вилоятларда экотуризм, геотуризм, оff-road саёҳатчилиги, тоғли ҳудудларда эса экстремал сайёҳлик турлари ривожланмоқда. Маданий мерос объектларини таъмирлаш, сайёҳлик қадамжолари қурилиши ва таъмирланиши, қадимги ёдгорликлар ва ажойиб табиат манзарасига эга бўлган янги йўналишларни ишлаб чиқиш бўйича лойиҳалар ҳаётга тадбиқ этилмоқда.

Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижалари мамлакатимизга келаётган саёҳатчилар сонининг барқарор равишда ўсиб бораётганида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Улар нафақат ўлкамизнинг табиий гўзаллиги, бой тарихи, ранг-баранг маданияти ва маҳобатли тарихий ёдгорликларидан, балки ўзбек халқининг кўп асрлик анъаналаридан, унинг очиқкўнгиллигидан, меҳмондўстлигидан ва албатта, бетакрор миллий ошхонаси таомларидан ҳам завқланишмоқда.

Ўзбекистон аҳолиси даромадларининг ўсиши ва дам олиш индустрияси инфратузилмаларининг такомиллашгани туфайли борган сари ички сайёҳлик ҳам ривожланмоқда. Ҳар йили миллионлаб юртдошларимиз мамлакат бўйлаб саёҳат қилишмоқда - улар қулай транспорт инфратузилмаси, барча афзалликларга эга меҳмонхоналар ва юқори даражадаги хизмат кўрсатишдан баҳраманд бўлишмоқда.

Саёҳатчилар оқимини янада кўпайтириш мақсадида Ўзбекистон дунёнинг кўплаб давлатлари билан ўзаро ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда.

Шунинг муносабати билан қатор хорижий мамлакатлар билан ҳукуматлараро ва идоралараро шартномалар имзоланган. Сайёҳлик соҳасидаги ихтисослашган халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ҳам жуда муҳим аҳамият касб этади.

Хусусан, 1993 йилдан буён Ўзбекистон Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) аъзоси ҳисобланади. У дунёнинг 150 дан зиёд давлатини бирлаштирган. 2004 йилдан бери Самарқандда UNWTOнинг Буюк Ипак йўли бўйича Минтақавий офиси фаолият кўрсатиб келади. У мазкур трансконтинентал йўлда туризм ривожи қўллаб-қувватланишини мувофиқлаштиради. Мамлакатимизнинг бу тармоқни ривожлантиришдаги хизматларини эътироф этган ҳолда ушбу халқаро ташкилотга аъзо мамлакатлар бир неча бор Ўзбекистон Республикасини мазкур ташкилотнинг раҳбарлик органи – Ижроия Кенгашига сайлаган. Кенгашнинг 99-сессияси 2004 йили Самарқандда бўлиб ўтган эди. Ушбу анжуманнинг ўзбеклар заминида ўтказилиши республикада сайёҳлик жабҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган мажмуавий чора-тадбирлар самарадорлигининг халқаро ҳамжамият томонидан яна бир карра эътироф этилганини тасдиқлади.

Ташкилот бош котиби Талеб Рифаи сессиянинг очилиш маросимида сўзлар экан, Буюк Ипак йўлида сайёҳликни янада ривожлантириш бўйича халқаро ҳамкорликнинг мустаҳкамланишида мамлакатимиз етакчи ўрин тутишини қайд этди.

- Биз Ўзбекистондаги жуда кўп ўзгаришларни кўриб турибмиз, - деди UNWTO бош котиби. – Президент Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатда сайёҳликни ривожлантиришга кўп эътибор қаратилмоқдаки, бу оқилона ва узоқни кўзлаган сиёсат раҳбарлигида республика сайёҳлик тараққиётининг асосий марказларидан бири бўлиши мумкин.

Замонавий босқичда республикада йирик тадбирларнинг мунтазам ўтказилаётгани, уларда дунёнинг кўпгина мамлакатлари сайёҳлик саноати вакиллари тўпланаётгани Ўзбекистон сайёҳлик жабҳасининг шитоб билан ривожланиши таъминланишида муҳим ўрин тутади. Бундай халқаро тадбирларда сайёҳлик жабҳаси мутахассислари соҳа ўсишдаги асосий тамойилларни муҳокама этишмоқда, ўзаро амалий алоқаларни йўлга қўйишмоқда.

1995 йилдан буён Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси ҳар йили ўтказиб келинмоқда. Мазкур форум бу соҳада фаолият олиб борадиган шериклар ўртасидаги конструктив мулоқот учун яхши минбар ҳисобланади. Ўтган йили бўлиб ўтган Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасининг йигирма биринчи анжумани чоғида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тақдим этилди.

Hosted Buyers (Профессионал харидор) лойиҳаси Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси – 2015 ишидаги асосий янгилик бўлди.

Hosted Buyers истиқболли шериклар ва харидорлар ўртасидаги учрашувларни олдиндан белгилаш, уларга муайян имтиёзлар бериш орқали соҳада ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришга хизмат қилиши билан ғоят аҳамиятлидир.

2013 йилдан буён Ўзбекистонда баҳорги-ёзги сайёҳлик мавсумини очиб берадиган “Дам олиш дунёси” халқаро Ўзбекистон сайёҳлик кўргазмаси ўтказиб келинмоқда. Ушбу тадбирда республика минтақалари маданиятларининг ёрқинлиги ва ранг-баранглиги, уларнинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилади. Кўргазма маҳаллий ва хорижий туроператорларга янги мавсум бошланишида ўз маҳсулотлари ва хизматларини илгари суриш, йирик мижозлар билан шартномалар тузиш имкониятини яратади.

Қайд этиш жоизки, “Дам олиш дунёси - 2015” халқаро Ўзбекистон сайёҳлик кўргазмаси доирасида UNWTOнинг “Гастрономик туризм – жаҳон сайёҳлик салоҳиятида янги истиқболли йўналиш” мавзуидаги илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Гастрономик туризм пазандачилик билан боғлиқ барча туристик фаолият турлари, хусусан, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи компаниялар, гастрономик фестиваллар, озиқ-овқат ярмаркалари ва бу борада тажриба орттиришга хизмат қилувчи саёҳатлар мажмуидан иборатдир. Семинарда мамлакатимизда гастрономик туризмни ривожлантириш истиқболлари юқори экани таъкидланди. Бу борадаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳа, Ўзбекистон ўзининг сайёҳлик салоҳияти бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Бу соҳада эришилган муваффақиятлар мамлакатимизда тармоқ инфратузилмаларини янада ривожлантириш, республиканинг бу соҳадаги имкониятларини кенг оммалаштириш бўйича олиб борилаётган мажмуавий ишларнинг натижаси ҳисобланади.

(\"Жаҳон\" АА)


Back

   Back to the top    Print version   
© 2004, Embassy of Uzbekistan to the United States.
All Rights Reserved.
 Design.uz Studio
Design.uz Studio
Site Development