EMBASSY OF UZBEKISTAN TO THE UNITED STATES
NEWS AND EVENTS
2017
2016
2015
2014
2013
2012
2011
2010
2009
2008
2007
2006
2005
2004

 
NEWS AND EVENTS
August 28, 2014
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАРНИ МУОМАЛАГА КИРИТИШ КВОТАЛАРИ ВА ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАРНИ МУОМАЛАГА КИРИТИШ КВОТАЛАРИ ВА ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 34-сон, 437-модда)

«Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13-моддасига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қонунларнинг ҳаволаки нормаларини амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш режаларини тасдиқлаш тўғрисида» 2013 йил 15 июлдаги ПҚ-2003-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қимматли қоғозларни муомалага киритиш квоталари ва тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ Тошкент ш., 2014 йил 20 август, 239-сон Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 августдаги 239-сон қарорига

ИЛОВА

Қимматли қоғозларни муомалага киритиш квоталари ва тартиби тўғрисида

НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13-моддасига мувофиқ:

Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан чиқарилган қимматли қоғозларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида;

Ўзбекистон Республикасининг резидентлари томонидан чиқарилган қимматли қоғозларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлаштириш ва муомалага киритиш квоталари ва тартибини белгилайди.

Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан чиқарилган қимматли қоғозлар давлат томонидан олиниши ҳолларига татбиқ этилмайди.

Банклар — Ўзбекистон Республикасининг резидентлари томонидан чиқарилган қимматли қоғозларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлаштириш ва уларнинг муомалада бўлиши хусусиятлари қонун ҳужжатларида белгиланади.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади: қимматли қоғозларни номинал сақловчи — қимматли қоғозлар эгаларининг реестрида рўйхатдан ўтказилган, қимматли қоғозларнинг эгаси бўлмаган ҳолда бошқа шахснинг (қимматли қоғозлар эгасининг ёки у вакил қилган шахснинг) топшириғига биноан қимматли қоғозларни сақлаш, ҳисобга олиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни тасдиқлашни амалга оширувчи депозитарий;

норезидентнинг тақдим этиладиган қимматли қоғозлари — мулк ҳуқуқи депозитар тилхат билан тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикасининг норезиденти томонидан чиқарилган акциялар ва корпоратив облигациялар;

Ўзбекистон депозитар тилхати (ЎДТ) — номинал қийматга эга бўлмаган, норезидентнинг тақдим этиладиган қимматли қоғозлари муайян сонига мулк ҳуқуқини тасдиқлайдиган ва унинг эгасининг депозитар тилхатнинг ўрнига унинг эмитентидан норезидентнинг тақдим этиладиган қимматли қоғозлари муайян сонини олишни ва депозитар тилхат эгаси томонидан норезидентнинг тақдим этиладиган қимматли қоғозлари билан мустаҳкамланган ҳуқуқларни амалга ошириши билан боғлиқ хизматлар кўрсатишни талаб этиш ҳуқуқини мустаҳкамловчи қимматли қоғознинг ҳосиласи;

ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази;

норезидентнинг қимматли қоғозлари — Ўзбекистон Республикасининг норезиденти томонидан акциялар ва корпоратив облигациялар шаклида чиқарилган эмиссиявий қимматли қоғозлар;

резидентнинг қимматли қоғозлари — Ўзбекистон Республикасининг резиденти томонидан чиқарилган қимматли қоғозлар;

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси (Марказий депозитарий) — депозитарийларда депо ҳисобварақлари бўйича эмиссиявий қимматли қоғозларни сақлаш, бундай қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш ва эмиссиявий қимматли қоғозлар ҳаракати ягона тизимини таъминловчи давлат депозитарийси.

3. Марказий депозитарий ушбу Низомда белгиланган тартибда:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлаштириладиган ва муомалада бўладиган норезидентларнинг қимматли қоғозларини ва ЎДТни;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлаштириладиган ва муомалада бўладиган резидентларнинг қимматли қоғозларини сақлайди ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олади.

II. Норезидентнинг қимматли қоғозларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлаштириш ва уларнинг муомалада бўлиши тартиби

4. Норезидентнинг қимматли қоғозларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлаштириш ва уларнинг муомалада бўлишига айни бир вақтда қуйидаги шартларга риоя қилинганда:

норезидентнинг қимматли қоғозлари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган эмиссиявий қимматли қоғозлар турлари тушунчаларига мувофиқ бўлганда;

норезидентнинг қимматли қоғозлари қимматли қоғозларни идентификациялаштиришнинг халқаро кодига (ISIN) ва молиявий воситаларни таснифлашнинг халқаро кодига (CFI) эга бўлганда; норезидентнинг қимматли қоғозлари улар эмитентининг келиб чиқиш мамлакати хорижий биржасида листинг тартиботидан ўтган ва кўрсатиб ўтилган биржанинг биржа котировкаси рўйхатига киритилган бўлганда;

таъсис этиш жойи Қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилоти ва Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чораларни ишлаб чиқиш гуруҳининг (ФАТФ) тўлиқ ҳуқуқли аъзоси ҳисобланган давлатда бўлган, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари мавжуд бўлган мамлакат резиденти ҳисобланган ташкилот эмитент бўлганда;

имтиёзли режим тақдим қилувчи ва (ёки) молиявий операцияларни ўтказишда ахборот ошкор қилиниши ва тақдим этилишини назарда тутмайдиган давлатда ва (ёки) ҳудудда (оффшор зоналарда) таъсис этилган ташкилот эмитент ҳисобланмаганда;

эмитент ушбу эмитент келиб чиққан мамлакат қонунчилигига мувофиқ молиявий ташкилот ҳисобланмаганда ёхуд эмитент Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ молиявий ташкилот сифатида қаралмаганда;

эмитентнинг фаолият кўрсатиш муддати у таъсис этилган кундан бошлаб камида ўн йилни ташкил этганда;

эмитент кейинги уч йил мобайнида рентабеллик, тўловга қобилиятлилик, молиявий барқарорлик ва ликвидликнинг аудиторлик ташкилоти хулосалари билан тасдиқланган ижобий кўрсаткичларига эга бўлганда, шунингдек халқаро рейтинг агентликларининг мустақил рейтинг баҳосига эга бўлганда;

Марказий депозитарий, эмитент ва норезидентнинг тақдим этиладиган қимматли қоғозларига бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олувчи хорижий депозитарий ўртасида ЎДТ чиқаришни ташкил этиш тўғрисидаги шартнома мавжуд бўлганда йўл қўйилади.

5. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида норезидентнинг қимматли қоғозларини жойлаштиришга ушбу турдаги (тоифадаги, типдаги) чиқарилган қимматли қоғозлар умумий сонининг 25 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда ушбу қимматли қоғозларни ифодалайдиган ЎДТни чиқариш орқали йўл қўйилади. Бунда ЎДТ ваколатли давлат органи томонидан давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Марказий депозитарий ЎДТ эмитенти бўлиши мумкин. 6. ЎДТ ушбу Низомда ва фонд биржаси қоидаларида белгиланган тартибда листинг тартиботидан ўтмасдан фонд биржасида жойлаштирилиши ва муомалада бўлиши мумкин.

7. Бир чиқаришдаги ЎДТ фақат бир эмитентнинг ва уларнинг бир турининг (тоифасининг, типининг) тақдим этиладиган қимматли қоғозларига, шунингдек тақдим этиладиган қимматли қоғозларга ҳуқуқлар бир хил ҳажмларда бўлганда ва уларни чиқариш шартларида мулк ҳуқуқини тасдиқлаши мумкин.

8. ЎДТ эмиссияси жараёни қуйидаги босқичларни ўз ичига олади: ЎДТни чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш ва тасдиқлаш; ЎДТга идентификация рақами берган ҳолда унинг чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш;

ЎДТни жойлаштириш.

9. Марказий депозитарийнинг ЎДТни чиқариш тўғрисидаги қарорида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) Марказий депозитарийнинг тўлиқ номи, банк реквизитлари, у жойлашган жой ва почта манзили, шунингдек расмий веб-сайт ва электрон почта манзили;

2) ЎДТни чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинган ва тасдиқланган сана;

3) норезидентнинг тақдим этиладиган қимматли қоғозлари эмитентининг номи ва турган жойи, шунингдек уни юридик шахс сифатида идентификациялаш имконини берувчи бошқа маълумотлар;

4) норезидентнинг қимматли қоғозлари эмитенти таъсис ҳужжатларининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхалари;

5) норезидентнинг қимматли қоғозлари эмитентининг алоқа қилиш учун маълумотлари, унинг почта манзили ва электрон почта манзили, шунингдек расмий веб-сайти;

6) норезидентнинг қимматли қоғозлари эмитенти раҳбари тўғрисидаги қисқача маълумот, шу жумладан унинг тўлиқ номи, фуқаролиги, алоқа қилиш учун маълумотлар;

7) норезидентнинг тақдим этиладиган қимматли қоғозларининг тури, тоифаси (типи);

8) норезидентнинг тақдим этиладиган қимматли қоғозлари билан мустаҳкамланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар;

9) эмитент устав капиталининг 5 фоизидан ортиққа эгалик қилувчи эмитентнинг акциядорлари (иштирокчилари) тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан тўлиқ (қисқартирилган) номи (исми), уларнинг келиб чиқиш мамлакати (фуқаролиги), алоқа қилиш учун маълумотлар;

10) уларга бўлган мулк ҳуқуқи ушбу чиқарилишдаги бир ЎДТ билан тасдиқланадиган норезидентнинг тақдим этиладиган қимматли қоғозлари сони;

11) норезидентнинг тақдим этиладиган қимматли қоғозларини ҳисобга олувчи ва уларга бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи хорижий депозитарийнинг тўлиқ номи, унинг банк реквизитлари, жойлашган жойи (давлатнинг номи) ва почта манзили, шунингдек расмий веб-сайт ва электрон почта манзили;

12) ЎДТни жойлаштириш шартлари;

13) ЎДТ эгаларининг ҳуқуқлари, шунингдек норезидентнинг тақдим этиладиган қимматли қоғозлари билан мустаҳкамланган ҳуқуқларнинг ЎДТ эгалари томонидан амалга оширилиши (реализация қилиниши) тартиби;

14) Марказий депозитарийнинг ЎДТ эгасининг талаби бўйича норезидентнинг тақдим этиладиган қимматли қоғозлари тегишли сонини тақдим этиш ёки реализация қилиш ва ЎДТни реализация қилишдан тушган пул маблағларини ЎДТнинг эгасига бериш мажбурияти;

15) Марказий депозитарийнинг, агар ЎДТ эгаси Ўзбекистон Республикаси ёки хорижий давлат қонунчилигига мувофиқ норезидентнинг тақдим этиладиган қимматли қоғозлари эгаси ҳисобланиши мумкин бўлмаса, ЎДТ эгаси уни сўндиришни талаб қилган тақдирда норезидентнинг тақдим этиладиган қимматли қоғозлари тегишли сонини реализация қилиш мажбурияти;

16) агар норезидентнинг тақдим этиладиган қимматли қоғозлари акциялар бўлса — ЎДТ эгалари томонидан Марказий депозитарийга овоз бериш тартиби тўғрисида кўрсатмалар бериш (юбориш) тартиби ва Марказий депозитарийнинг ЎДТ эгалари кўрсатмаларига мувофиқ бўлгандан бошқача бўлмаган тарзда овоз бериш ҳуқуқини амалга оширишни таъминлаш мажбурияти, шунингдек овоз бериш якунларини ЎДТ эгаларига тақдим этиш бўйича мажбурият;

17) Марказий депозитарийнинг ваколатли давлат органи томонидан белгиланган ҳажмда, тартибда ва муддатларда ахборотни ошкор қилиш мажбурияти;

18) Марказий депозитарийнинг норезидентнинг тақдим этиладиган қимматли қоғозлари сонининг муомаладаги ЎДТ сонига мувофиқлигини таъминлаш мажбурияти;

19) Марказий депозитарийнинг норезидентнинг тақдим этиладиган қимматли қоғозлари бўйича ҳуқуқлар ЎДТ эгалари томонидан амалга оширилиши юзасидан хизматлар кўрсатиш мажбурияти, шу жумладан ушбу қимматли қоғозлар эгалари олиши керак бўлган даромадларни (дивидендлар, фоизларни) ва бошқа тўловларни олиш, шунингдек бундай хизматлар кўрсатиш тартиби ва шартлари;

20) норезидентнинг тақдим этиладиган қимматли қоғозлари бўйича ЎДТ эгаларига тегишли бўлган тўловларни амалга ошириш муддати;

21) норезидентнинг тақдим этиладиган қимматли қоғозлари эмитентининг ЎДТ эгалари олдидаги мажбуриятлари тўғрисидаги ахборот;

22) ЎДТни сақлаш, ҳисобга олиш ва унга бўлган ҳуқуқларнинг ўтиши тартиби;

23) ЎДТ бўйича мажбуриятларни ижро этиш учун ЎДТ эгаларининг рўйхатини тузиш тартиби ва муддатлари;

24) ЎДТни майдалаш имконияти ва тартиби;

25) ЎДТни сотиб олиш билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган таваккалчиликлар.

Юқорида баён қилинганлар билан биргаликда, агар норезидентнинг тақдим этиладиган қимматли қоғозлари облигациялар ва бошқа қарз қимматли қоғозлари бўлса, Марказий депозитарийнинг ЎДТни чиқариш тўғрисидаги қарорида ЎДТни сўндириш механизми белгиланиши керак.

10. ЎДТни чиқариш тўғрисидаги қарорда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ бошқа маълумотлар ҳам бўлиши мумкин.

11. ЎДТни чиқаришни давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати, шунингдек ЎДТ эмиссияси рисоласига қўйиладиган талаблар ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.

12. Давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этиладиган ҳужжатларни кўриб чиқиш учун ариза берилган санада Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари миқдорида йиғим ундирилади. Ундириладиган йиғим суммаси ваколатли давлат органининг ҳисоб рақамига ўтказилади.

13. ЎДТни чиқаришни давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатлар ваколатли давлат органи томонидан улар тақдим этилган санадан бошлаб ўттиз иш куни мобайнида кўриб чиқилади. Эмитент томонидан қўшимча ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда уларнинг кўриб чиқиш муддати янгидан ҳисобланади.

14. Қуйидагилар:

ЎДТни чиқаришни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларнинг тўлиқ туркуми тақдим этилмаслиги;

эмитент томонидан норезидентнинг келиб чиқиш мамлакатининг қимматли қоғозлар тўғрисидаги қонунчилиги бузилганлигидан, унинг қимматли қоғозларининг легитим эмаслигидан, унинг ноқонуний фаолиятидан ёхуд у тугатиш босқичида турганлигидан гувоҳлик берувчи маълумотлар мавжудлиги;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган бошқа асослар ЎДТни чиқаришни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш учун асослар ҳисобланади.

15. ЎДТ ушбу Низомнинг 4-бандида белгиланган талабларга мувофиқ бўлган тақдирда уни Ўзбекистоннинг фонд биржасида жойлаштиришга ва муомалада бўлишига ушбу фонд биржасининг тегишли қарори асосида йўл қўйилади.

16. ЎДТни фонд биржасида жойлаштиришни ташкил этиш андеррайтинг хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартнома асосида андеррайтер томонидан амалга оширилади.

17. ЎДТни жойлаштириш ва унинг муомалада бўлиши уни Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда Марказий депозитарийда ҳисобга қўйиш йўли билан ва Марказий депозитарий билан норезидентнинг қимматли қоғозларига хизмат кўрсатувчи хорижий депозитарий ўртасида тузилган депозитарийлараро ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома асосида амалга оширилади.

Норезидентнинг тақдим этиладиган қимматли қоғозлари Марказий депозитарий, хорижий депозитарий ва ушбу қимматли қоғозлар эмитенти ўртасида тузиладиган шартнома асосида уларни сақлаш ва ҳисобга олиш учун Марказий депозитарийга топширилиши мумкин.

18. ЎДТнинг қўшимча чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилмайди ва ЎДТни чиқаришнинг энг кўп даражадаги сонини кўпайтириш юзасидан ЎДТ чиқариш тўғрисидаги қарорга ўзгартиришлар киритиш йўли билан амалга оширилади, ушбу Низомнинг 7-бандида белгиланган талабларга мувофиқлиги шарти билан у айни бир вақтда муомалада бўлиши мумкин.

19. Ваколатли давлат органининг қарори бўйича ЎДТни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлаштириш:

ЎДТни чиқариш тўғрисидаги қарорда ёки ЎДТ эмиссия рисоласида, шунингдек норезидентларнинг қимматли қоғозларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлаштиришга йўл қўйилишига асос бўлган бошқа ҳужжатларда нотўғри, тўлиқ бўлмаган ва (ёки) инвесторларни чалғитадиган ахборотлар аниқланган;

Марказий депозитарий ва (ёки) ЎДТ эмиссия рисоласини имзолаган инвестиция воситачиси, шунингдек андеррайтер томонидан ушбу Низом ва унга мувофиқ қабул қилинган ваколатли давлат органининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари талаблари бузилган;

ваколатли давлат органи томонидан эмитентнинг келиб чиқиши мамлакатида қимматли қоғозлар бозорини тартибга солувчи ташкилотдан эмитент томонидан мамлакат қонунчилиги, шу жумладан жиноий фаолиятдан ва терроризмни молиялаштиришдан олинган даромадлар легаллаштирилишига қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги тўғрисида ахборот, шунингдек норезидентнинг қимматли қоғозларини жойлаштиришни ва уларнинг муомалада бўлишини бекор қилиш ёхуд тўхтатиб туриш тўғрисида ахборот олинган ёки ушбу қимматли қоғозлар эмитенти фаолияти тугатилган ёхуд тўхтатиб турилган тақдирда тўхтатиб турилади.

20. ЎДТни жойлаштириш тугаллангандан кейин Марказий депозитарий ваколатли давлат органига Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда ва муддатларда кўрсатиб ўтилган жойлаштириш тугаганлиги тўғрисидаги билдиришномани тақдим этиши шарт.

21. ЎДТнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалада бўлишига, агар норезидентнинг тақдим этиладиган қимматли қоғозлари шартларида чиқарилишни амалга ошган деб эътироф этиш учун эмиссия ҳажмига талаблар мавжуд бўлмаган тақдирда, ушбу Низомнинг 20-бандида кўрсатилган билдиришнома тақдим этилгандан ва уни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлаштириш тугаганлиги тўғрисидаги ахборот ошкор қилингандан кейин йўл қўйилади.

III. Ўзбекистон Республикаси резидентининг қимматли қоғозларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлаштириш ва уларнинг муомалада бўлиши тартиби

22. Резидентнинг қимматли қоғозлари, агар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ўзгача ҳол белгиланмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ушбу турдаги (тоифадаги, типдаги) чиқарилган қимматли қоғозлар умумий сонининг 25 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда жойлаштирилиши ва муомалада бўлиши мумкин.

23. Резидентнинг қимматли қоғозлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлаштирилиши ва уларнинг муомалада бўлиши, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ўзгача ҳол белгиланмаган бўлса, тегишли мамлакатнинг хорижий эмитентларнинг қимматли қоғозлари тўғрисидаги қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.

24. Резидентнинг қимматли қоғозлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида улар жойлаштирилишига ва муомалада бўлишига йўл қўйиладиган мамлакат қонунчилигига мувофиқ хорижий депозитарий томонидан чиқариладиган депозитар тилхатлар шаклида жойлаштирилади ва муомалада бўлади.

25. Резидентнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлаштирилган қимматли қоғозларига бўлган мулк ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ Марказий депозитарий томонидан тасдиқланади.

26. Резидентнинг — республика иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган, давлат улуши бор бўлган хўжалик жамиятининг қимматли қоғозларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлаштириш ва уларнинг муомалада бўлиши Акциядорлик бирлашмалари ва компанияларида акциялар давлат улушидан самарали фойдаланилиши устидан мониторинг олиб бориш комиссияси томонидан олдиндан кўриб чиқилиши керак.

27. Резидентнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлаштириладиган қимматли қоғозлари Марказий депозитарий томонидан сақланади ва ҳисобга олинади.

Резидентнинг қимматли қоғозларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлаштиришда ушбу қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқлар фақат уларни жойлаштиришдан эмитентнинг республика тижорат банкидаги ҳисоб-китоб рақамига маблағлар тушганлиги эмитент томонидан Марказий депозитарийга тегишли билдиришнома юбориш йўли билан тасдиқлангандан кейин уларни ифодалайдиган депозитар тилхатлар эгаларига ўтади.

28. Марказий депозитарий хорижий депозитарий билан тузилган тегишли шартнома асосида депозитар тилхатлар эгаларига резидентнинг тақдим этиладиган қимматли қоғозлари мавжудлигини тасдиқлайди.

29. Хорижий депозитарий эмитент-резидентнинг қимматли қоғозлари эгалари реестрида қимматли қоғозларнинг номинал сақловчиси сифатида ҳисобга олинади.

IV. Якунловчи қоидалар

30. Иқтисодиётга жиддий зарар ёки жиддий зарар етказилиши хавфига йўл қўймаслик ёки буни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси норезидентнинг қимматли қоғозлари турларини, уларнинг сони ва ҳажмини чеклашда ифодаланадиган норезидентнинг қимматли қоғозларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалага киритишга қўшимча квоталар белгилаш йўли билан ҳимоя чораларини қўллашга ҳақлидир.

31. Тижорат банклари, суғурта компаниялари, аудиторлик ташкилотлари, шунингдек қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан чиқарилган қимматли қоғозларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлаштириш ва уларнинг муомалада бўлишига қўйиладиган қўшимча талаблар кўрсатиб ўтилган ташкилотлар фаолиятини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органлари томонидан белгиланади.

32. Норезидентнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалага киритилган қимматли қоғозлари билан боғлиқ инвестиция фаолияти доирасида содир этиладиган капиталнинг ҳаракати билан боғлиқ валюта операцияларини амалга ошириш тартибига қўйиладиган талаблар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланади.

33. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра ЎДТни чиқариш ушбу Низом билан Марказий депозитарий учун назарда тутилган тартибда тижорат банки томонидан амалга оширилиши мумкин.

34. Норезидентнинг қимматли қоғозларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлаштириш ва уларнинг муомалада бўлишини ташкил этишда иштирок этувчи шахслар, тенг даражада эса резидентнинг қимматли қоғозларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлаштириш ва уларнинг муомалада бўлишини ташкил этишда иштирок этувчи шахслар ўзлари томонидан етказилган зарар учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда кўрсатиб ўтилган қимматли қоғозларнинг эгалари олдида жавоб берадилар.


Back

   Back to the top    Print version   
© 2004, Embassy of Uzbekistan to the United States.
All Rights Reserved.
 Design.uz Studio
Design.uz Studio
Site Development